servise pic
Аудиторские услуги
servise pic
Восстановление бухгалтерского учета
servise pic
Консалтинговые услуги
servise pic
Ведение бухгалтерского учета

СОЛИҚ СОЛИШ САНЪАТИ

СОЛИҚ СОЛИШ САНЪАТИ

Мамлакатимизда солиқ ислоҳоти доирасидаги чора-тадбирлар фаол амалга оширилмоқда. Жорий йилда ҚҚС, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи, фойда солиғи ва солиқ тизимининг бошқа жабҳаларида жиддий ўзгаришлар юз берди.

Табиийки, солиқ ислоҳоти бошқа ислоҳотлар каби баҳс-мунозарали, муайян давр давом этадиган қизғин жараёндир. Шу сабабли солиқ солиш билан боғлиқ айрим масалаларда ҳали аниқ бир тўхтамга келингани ҳам йўқ. Хусусан, айни пайтда асосий солиқ қонун ҳужжати - Солиқ кодексининг лойиҳаси муҳокама қилинмоқда. Ушбу лойиҳа юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилмоқда.

 

Шу қаторда таҳририятимиз кўп йиллик иш фаолияти солиқлар билан боғлиқ бўлган мутахассис, "HIMOYA AUDIT" аудиторлик компанияси МЧЖ Тошкент филиали раҳбар ўринбосари Алишер Турдуматовнинг солиқ солиш тизимини такомиллаштириш юзасидан фикр ва мулоҳазаларини ўқувчилар эътиборига ҳавола этади.

Сезилмас солиқ

Мамлакатимиз солиқ тизимида жадал амалга оширилаётган ўзгартиришлар, фикримизча, оддий сўз билан ифодалаганда, солиқ тўловчига оғирлиги сезилмаган ҳолда, солиқ тўловчи мумкин қадар ўз ихтиёри билан, чин кўнгилдан, керак бўлса, олдиндан, керак бўлса, ортиғи билан солиқлар тўлашига эришишга қаратилган. Шундай бўлганда чинакамига юксак даражада солиқ солиш санъатига эришган бўлар эдик.

Шу мақсадларда қуйидаги жиҳатларга ҳам эътибор қаратиш лозим деб ҳисоблаймиз.

 

Ундириш усули солиқнинг номи ва

моҳиятига мос бўлиши керак

 

Солиқларнинг асосий турлари - "қўшилган қиймат солиғи", "фойда солиғи", "жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи" ва ҳоказоларни ундириш усуллари (базалари) ушбу солиқларнинг моҳияти ва номига мос бўлиши муҳим аҳамиятга эга.

Хусусан, қўшилган қиймат солиғи ўз номига мос тарзда қўшилган қийматдан олиниши лозим.

Амалиётимизда эса бу солиқ ўзининг мантиқий маъносига номувофиқ ҳолда "солиқдан солиқ олиш" усулида ундирилмоқда.

Маълумки, "қўшилган қиймат солиғи" "ёш" солиқлардан, у XIX аср охири ва XX аср бошларида Европа йирик иқтисодчилари томонидан ўйлаб топилган.

Қўшилган қиймат солиғи тадбиркорнинг фаолияти давомида ишлаб чиқарган маҳсулотига (кўрсатган хизматига, бажарган ишига) сарф қилинган барча харажатлар қиймати (таннархи) устига қиймат қўшганда, ушбу қўшилган қийматдан давлатнинг улушини ундириб олиш демакдир. Бундан келиб чиқадики, тадбиркор маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича ўз фаолиятида таннархга (харажатларга) қиймат қўша олмаса, у давлатга улуш ажратмаслиги - ҚҚС тўламаслиги лозим.

Умумиқтисодиёт нуқтаи назаридан ва давлат бюджетини тўлдириш заруратидан келиб чиқилганда мамлакатимизда кечаётган солиқ ислоҳоти жараёнларида яхши тенденция кузатилмоқда - солиқ тўловчилар оммавий равишда ҚҚС тўловига ўтмоқдалар.

Ҳар бир солиқ турида бўлганидек, ҚҚСда ҳам айрим солиқ тўловчиларни ёки айрим тармоқларни қўллаб-қувватлаш мақсадида имтиёзлар берилади. Бундай имтиёзлар тақдим этилишида камчилигимиз шундан иборат эдики, айрим солиқ тўловчиларга берилаётган имтиёзлар уларга енгиллик бериш ўрнига, аксинча уларнинг ўзларига ҳам, улар билан ишловчи бошқа солиқ тўловчиларга ҳам оғир юк бўлиб тушмоқда эди. Натижада, биринчидан, имтиёзи бўлмаган корхоналар имтиёзли корхоналар билан ишламасликка ҳаракат қилар, иккинчидан, ишлаб чиқарган маҳсулоти таннархи ошиб кетар, учинчидан, ҚҚС занжири узилиб қолар эди.

Президентнинг 27.06.2019 йилдаги ПФ-5755-сон "Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони билан қўшилган қиймат солиғининг тўлақонли занжирини яратиш ва барча хўжалик юритувчи субъектлар учун тенг шароитларни таъминлаш вазифаси қўйилган.

Натижада имтиёзга эга бўлган корхона ўзининг бизнес шерикларини йўқотмайди, маҳсулоти таннархи ошмайди, ҚҚС занжири узилмайди. Бюджетга ўтказилиши лозим бўлган сумманинг корхонада қолдирилиши давлат томонидан шу корхонани (ёки тармоқни) қўллаб-қувватлашга киритган реал инвестицияси бўлади. Давлат ўзининг улушидан кечди, демак корхонага шу суммани берган ҳисобланади. Фикримизча, шунда имтиёзлар берилишидан кўзланган мақсадга ҳақиқатда эришилади.

Ушбу вазифани бажаришга, фикримизча, қуйидаги таклиф ҳам хизмат қилган бўлар эди. Яъни ҚҚС бўйича имтиёзлар ушбу солиқни ҳисоблашдан озод қилиш шаклида эмас, балки бюджетга тўлашдан озод қилиш шаклида тақдим этилиши лозим. Бунда имтиёзга эга корхона ўз маҳсулоти (бажарган иши, кўрсатган хизмати)га белгиланган тартибда ҚҚСни ҳисоблаб-қўшиб сотади.

Ишлаб чиқаришда олинган ҚҚС суммаси белгиланган тартибда ҳисобга олинади ва белгиланган тартибда солиқ органларига ҳисобот тақдим этилади. Маҳсулот сотилганда ҳисобланган ҚҚС билан ҳисобга олинган ҚҚС ўртасидаги ижобий фарқ бюджетга тўлашдан озод қилинади.

 

Фойда солиғи ҳам фойдадан

олиниши лозим

Амалда бизда бу солиқ қандай олиняпти?

Солиқ кодексининг фойда солиғини ҳисоблаш ва тўлаш тартиби белгиланган 126-166-моддаларини диққат билан ўрганиб чиқадиган бўлсак, тадбиркорлик билан шуғулланиб фойда орттиришга етарлича рағбат, фойдани тўғри акс эттириб солиқларни тўлиқ тўлаш имкониятлари, фикримизча, муайян даражада чекланган деб хулоса чиқариш мумкин.

Хусусан, Солиқ кодексининг 146-моддасида ҳисобот даврининг солиқ солинадиган фойдадан келгусида чегириладиган харажатлари санаб ўтилган бўлиб, бундай харажатларга янги ишлаб чиқаришларни ўзлаштириш харажатлари, асбоб-ускуналарнинг сифатини текшириш учун синаб кўриш, янги ишга туширилган корхонада ишлаш учун кадрлар тайёрлаш билан боғлиқ харажатлар киритилган.

Кодекснинг 147-моддасида эса чегирилмайдиган харажатлар белгиланган. Улар жумласига "бадаллар, ҳомийлик ва хайрия ёрдами тарзидаги маблағлар", "...касаба уюшмаси қўмиталарига ёрдам кўрсатиш", "шаҳарлар ва шаҳарчаларни ободонлаштириш ишлари, қишлоқ хўжалигига ёрдам кўрсатиш" каби харажатлар ҳам киритилган. Бундай харажатларни фойда солиғи базасидан чегирмаслик хўжалик субъектларининг уларни банкдаги ҳисобрақамларидан ташқарида харажат қилишига, яъни нақд пулда амалга оширишга рағбатини оширади. Бу эса тушумларни яшириш, ҳисобдан ташқари маҳсулотлар сотиш, фойдани яшириш, пировардида эса давлатга солиқларнинг кам тушиши, мамлакат миқёсида ялпи ички маҳсулот кўрсаткичи ҳам пасайтириб кўрсатилишига олиб келади.

Бундай салбий оқибатларни бартараф этиш мақсадида, фикримизча, янги Солиқ кодексида чегириладиган харажатлар рўйхатини кенгайтириш мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Хусусан, корхона мулкдори ва ходимлари манфаатларини кўзлаб, умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатиш корхоналарига тўланган сарф-харажатларни ҳам "чегириладиган" харажатлар жумласига киритиш мумкин. Бундай сарфиётлар харажатлар сифатида тан олинса, улар ошкора ҳисобрақамидан, корхона ҳисобидан амалга оширилади ва нақд пулда харажат қилишга, тушумни, ишлаб чиқарган маҳсулотини яширишга ҳожат бўлмайди. Давлат эса солиқларни ушбу умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатиш корхоналаридан олади.

 

Жисмоний шахслардан олинадиган

даромад солиғи

Солиқ кодексида шу ном билан аталган солиқ аслида амалда жисмоний шахсларнинг ойлик иш ҳақидан олинади. Шундай экан, бу солиқни мантиқан амалиётга яқинроқ қилиб "жисмоний шахсларнинг ойлик иш ҳақидан олинадиган солиқ" деб атаса ҳам бўлар.

Солиқнинг номи "жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи" бўлса, фикримизча, бу солиқ ҳақиқатда даромаддан олиниши лозим, яъни жисмоний шахснинг яшаши учун энг зарур ҳаётий харажатлари солиқ солинадиган базадан айирилиши мақсадга мувофиқ.

Гап шундаки, аслида бу база таркибида, биринчидан, солиқлар ҳам "ўтирибди". Хусусан, жисмоний шахслар тасарруфидаги мол-мулкдан тўланадиган мол-мулк солиғи, ер солиғидир.

Иккинчи навбатда, шу мол-мулкни тутиб туриш, ундан фойдаланиш билан боғлиқ коммунал хизматлар учун тўловлар - электр энергияси учун, иссиқ ва совуқ сув учун, газ, иссиқлик энергияси ва чиқинди учун тўловлар ҳам шу таркибда.

Юқорида кўрсатилган харажатлар (яъни жисмоний шахснинг даромади таркибидаги харажатлар) бевосита ва билвосита давлат бюджетига тўланади. Маълумки, уларнинг йиғилиши доим муаммо бўлиб келган. Уларнинг ўз вақтида тўланишини таъминлашга эришиш учун ҳатто махсус ташкилот - Бош прокуратура ҳузурида Мажбурий ижро бюроси ҳам ташкил қилинган.

Фикримизча, мазкур тўловларнинг солиқ солинадиган базадан айирилиши фуқаролар томонидан солиқ ва коммунал тўловларни муаммоларсиз - ойма-ой тўлиқ ва ўз вақтида тўлаб борилишига хизмат қилган бўлар эди. Атиги 12%дан воз кечилиши ҳисобига ушбу солиқ ва тўловларнинг бюджетга йуқотишларсиз 100% йиғиб олинишига эришиш мумкин.

Яъни, биринчидан, бу тўловлар давлатга ўз вақтида келиб тушади, иккинчидан, давлат идоралари ходимларининг уйма-уй, кеча-ю кундуз, дам олиш ва байрам кунлари куч ва меҳнат сарфлашига ҳожат қолмайди, баъзида тўловчилар билан муносабатларда келиб чиқадиган ихтилофли вазиятларнинг олди олиниши мумкин.

Ва яна муҳим жиҳати, психологик нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, иш берувчи ишчиларнинг харажатини ва қўлига олган ойлик маошини кўриб, иш ҳақини ошириш ҳаракатига тушиб қолади. Қарабсизки, солиқ солинадиган база ошса ошадики, камаймайди!

 

Харажатларни даромадларга айлантириш

иқтисодий ўсиш омили

Амалдаги Солдиқ кодексининг 171-моддасида иш берувчи бевосита ва билвосита ходимлар манфаатида қиладиган - юридик шахслар амалга оширадиган жисмоний шахсларнинг даромади сифатида қаралмайдиган харажатлар санаб ўтилган. Фикримизча, бундай харажатларнинг рўйхати жуда тор тузилган ва амалиётда иш берувчи ушбу рўйхатдан камдан-кам ҳолларда фойдаланади. Чунки бундан наф йўқ: айрим харажатларни амалга ошириш фаолият турига мос келмаса, бошқалари эса "фойда солиғи" ҳисоботида "чегирилмайдиган харажатлар" таркибига киритилади.

Масалан, Солиқ кодекси иш берувчининг ўз ходимларининг тушлик овқатини ташкил этишга харажатларини ишчиларнинг даромади деб тан олади ва тўлов манбаи - иш берувчидан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тўлашни талаб қилади. Бу ҳол, ўз навбатида, корхонани тушлик овқатни норасмий тарзда нақд пулда амалга оширишга ундайди, бу эса тушумларни яшириш, ҳисобдан ташқари маҳсулотлар сотиш, фойдани яшириш каби қонунбузилиш ҳолларига олиб келади.

Демак, иш берувчининг ходимлар учун амалга оширадиган ва солиққа тортилмайдиган харажатларини кенгайтиришимиз лозим.

Оддий ечим шундан иборат. Бунинг натижасида иш берувчи бу харажатларни расмий, очиқ-ойдин, ҳисобрақами орқали амалга оширсин. Солиқ эса шу хизматларни бажарувчилардан, умумий овқатланиш корхоналаридан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва озиқ-овқат сотувчи корхоналардан олинади.

Харажатлар - даромад манбаи. Солиқ тўловчиларни ўз ҳисоб рақамларидан сарф-харажатлар қилишга рағбатлантириш лозим, чунки ҳар бир қилинган сарф-харажат бу бошқа солиқ тўловчи учун тушум демак. Бу билан янги солиқ объекти юзага келади, пировардида мамлакат ялпи ички маҳсулоти ўсади.

Иш берувчи томонидан ходимнинг дам олиши, даволаниши, спорт билан шуғулланиши ва ҳоказо шунга ўхшаган харажатлари ҳам инобатга олинса, аввало мазкур соҳалар ривожланади, солиқни шу соҳа корхоналари тўлайди, чунки ҳисобрақамидан ўтган тўловларни, ҳисобварақ-фактураларни назорат қилиш ва солиқ олиш қийин иш эмас. Демак, норасмий иқтисодий жараёнларни расмий тарзда амалга ошириш мақсадга мувофиқлиги ҳақида гап кетяпти холос!

 

Нақд пулнинг банкдан ташқари айланишига, хуфиёна фаолият ва ҳисобга олинмайдиган даромадларга, солиқ тушумлари яширилишига қарши курашар эканмиз, биринчи навбатда, аҳолининг харажатларини, ҳеч бўлмаганда, ҳаётий энг зарур эҳтиёжларни қондиришга сарфланган маблағларнинг харажатлар сифатида тан олиниши мақсадга мувофиқдир. Пировард натижада бу давлатимиз ижтимоий-иқтисодий сиёсатининг асосий мақсади - аҳолининг реал даромадларини оширишга хизмат қилади.

 

Солиқлар ўз вақтида ва тўлиқ

тўланиши учун

Қандай чоралар билан солиқни бюджетга ўз вақтида тўлаш манфаатли бўлишига эришиш мумкин? Бу саволга жавобни фойда солиғи мисолида кўриб чиқамиз.

Фойда солиғининг ҳисобот шартларида жорий тўловлар маълумотномасини тақдим этиш шарти бор. Бу дегани, Солиқ кодексининг 164-моддасига асосан, солиқ тўловчи бир чоракда қанча фойда кўриши мумкинлигини башорат қилади (Кодекс тили билан айтганда "...жорий ҳисобот даври учун тахмин қилинаётган солиқ солинадиган фойда...") ва белгилайди. Белгиланган суммани 3 га бўлиб, чорак бошидан биринчи ой учдан бирини, иккинчи ой яна учдан бирини, учинчи ой қолган учдан бирини олдиндан жорий тўловлар кўринишида бюджетга ўтказиб боради.

Агар солиқ тўловчи башоратда 10%дан ортиқроққа адашса, пеня жарималари билан "сийланади". Ҳозирги амалиёт шундай.

Янги Солиқ кодексида бундай тартибдан воз кечиш лозим. Чунки корхона фаолияти давомида кўпинча чоракнинг биринчи ва иккинчи ойларида фақат сарф-харажат қилиб, учинчи ойдагина фойда олиши, жорий тўловлар тўлаш мажбурияти доирасида эса айланма маблағларидан икки-уч ой олдин ажраб қолиши мумкин. Тадбиркорлар учун айланма маблағдан икки ой олдин маҳрум бўлиш қанчалик оғирлигини ҳани-ҳануз фақат тадбиркорнинг ўзи билади холос. Буни солиқ қонунчилигида ҳам акс эттириш айни муддао бўлар эди!

Яъни, шундай тартиб жорий этиш лозимки, бунда солиқ тўловчи солиқларни олдиндан, керак бўлса кўпроқ тўлаб қўйишдан манфаатдор бўлсин.

Таклиф. Фойда солиғининг бугунги кундаги ставкаси 12% этиб белгилангани ҳолда, солиқ тўловчига олдиндан солиқ тўлаш мақсадида чоракнинг биринчи ойида маълум бир фойдасини белгилаб ("...тахмин қилиб...") фойда солиғи ҳисобласа, 9% ставкасини, иккинчи ой учун 10%, учинчи ой учун 11% ставка билан солиқ ҳисоблаш, қолган фойдасидан белгиланган тартибда 12% ставкада солиқ ҳисоблаб, бюджетга тўлаш ҳуқуқини бериш мақсадга мувофиқ.

Маълумки, ўз вақтида ва олдиндан тўлиқ амалга оширилган тўловлар йил давомида бюджет мувозанатини таъминлашга хизмат қилади.

 

Энг қадимий солиқ ёки

ер солиғи кимдан олиняпти?

Ер солиғи энг қадимий солиқлардан. Тарихий манбаларнинг гувоҳлигича, ер солиғи ҳамма пайт ер эгаларидан олинган. Ҳеч қачон ерни ижарага олиб ёки вақтинчалик фойдаланиб турган фуқародан ер солиғи олинмаган.

Қадимдан ер эгалари бўлган. Уларга бу ерлар давлат томонидан суюрғол қилиб берилганми, иқтоъ тарзида берилганми, мулк тарзида берилганми, шу шартлар асосида солиққа тортиш масалалари ҳал қилинган. Лекин ерни унинг эгаларидан фойдаланишга олган ёки ижарага олган фуқароларга ер солиғи солинмаган.

Амалиётимизда қонунчиликка мувофиқ ер тўлиқ давлатимизга тегишли бўлгани ҳолда, ким ундан умрбод фойдаланса, вақтинчалик фойдаланса ёки ижарага олса шундан ер солиғи ундирилади.

Фикримизча, ер солиғи эмас, балки ердан фойдаланганлик учун ёки уни ижарага олганлик учун ижара тўлови олинса мантиқан тўғри бўлар эди. Ер солиғи ерлар ҳақиқий баҳосида баҳоланиб, мулк сифатида сотилган ер майдонларидан олиниши мумкин.

 

Мол-мулк солиғини қандай

такомиллаштириш мумкин?

Мол-мулк солиғи икки турга бўлинади: юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ.

Юқорида жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ суммасини жисмоний шахсларнинг даромадидан олинадиган солиқ объектидан чегириб ташлаш таклифи баён этилди.

Юридик шахсларга тааллуқли мол-мулк солиғига келсак, корхона балансидаги йил бошига мавжуд бўлган мол-мулкнинг бошланғич баҳосидан ҳисобланган эскириш суммаси айирилиб, йил охирида қолган қолдиқ қийматини, кейинги календарь йил бошига мол-мулкнинг бошланғич баҳоси деб қабул қилиниши мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Бунда кейинги йил амортизация нормаси асосида ҳисобланган эскириш суммаси шу ўтган календарь йилдаги қолдиқ қийматдан ҳисобланса:

q биринчидан, эскириш баҳосининг суммаси камроқ ҳисобланади;

q иккинчидан, солиқ солинадиган қолдиқ баҳоси кўпроқ қолади;

q учинчидан, эскириш суммаси камроқ ҳисобланганлигидан харажат камаяди;

q тўртинчидан, харажат камайса фойда ошади, ўз навбатида, фойда солиғи кўпроқ ҳисобланади.

Бунинг устига, агар нисбатан кўпроқ қолган соф фойдадан дивиденд олинса, унга ҳам солиқ солинади. Натижада корхонанинг ҳам соф фойдаси кўпаяди, бюджетга ҳам кўпроқ солиқ олинади.

 

Алишер Турдуматов,

"HIMOYA AUDIT" аудиторлик компанияси МЧЖ

Тошкент филиали раҳбар ўринбосари.

 

 

Назад
Вопрос ответ
Ваша заявка отправлена